
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмолини чеклаш борасида янги талаблар амалиётга жорий қилинмоқда
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмолини чеклаш борасида янги талаблар амалиётга жорий қилинмоқда
Жорий йилнинг 27 декабрида Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Маълумки, мазкур Қонун Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан рад этилиб, Қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Олий Мажлис палаталари томонидан келишув комиссияси тузилган эди.
Келишув комиссиясининг аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва эътирозлар эътиборга олиниб, Қонунчилик палатаси томонидан Қонун тасдиқланган.
Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қанча янгиликлар киритилиши кутилмоқда.
Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилмоқда ва уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотаётган шахс 21 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг шахси ва ёшини тасдиқловчи ҳужжатини кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса сотишни рад этиши шарт.
Қолаверса, тутинсиз тамаки маҳсулоти-снюсларнинг мамлакатимизга кириб келиши ҳамда сотилиши борасида ҳам тақиқ қўйилиши масаласи мавжуд.
Тутинсиз тамаки маҳсулотлари қаторига киритилган носвойни ишлаб чиқариш ва сотилиши борасидаги тартиб Қонунда ўз аксини топган.
Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишига доир чекловлар ҳам киритилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.