Аввал ялпи мажлисда рад этилган қонун яна бир бор Қўмита мажлисида муҳокама қилинди

Аввал ялпи мажлисда рад этилган қонун яна бир бор Қўмита мажлисида муҳокама қилинди

 Жорий йилнинг 19 декабрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг мажлисида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида” Қонуни лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ёдингизда бўлса, мазкур Қонун Сенатнинг 27-ялпи мажлисида сенаторлар томонидан рад этилган эди. Қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун парламент палаталари томонидан келишув комиссияси тузилган эди. Комиссия аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар муҳокама қилинди. Унга мувофиқ Қонунга келишилган таҳрирда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича бир қанча янгиликлар киритилиши кутилётганлиги бўлса, яна бир жиҳати, ёшларимиз орасида кенг кўламда тарқалиб бораётган сюнс маҳсулотларининг мамлакатимизга кириб келиши ҳамда сотилишига таъқиқ қўйилиши ўз навбатида кенг жамоатчиликда ҳам қизиқиш уйғотган.

Таъкидланганидек, Қонун билан киритилаётган янгиликлар орқали алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмоқда. 

Яна бир муҳим жиҳат, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини профилактика қилиш давлат томонидан кафолатланиши алоҳида аҳамият касб этади.

Бунда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги Қонунга нисбатан бир ёшга узайтирилмоқда.

Мажлис сўнггида юқоридаги масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.