Юрт рамзлари-ифтихоримиз!

Жорий йилнинг 6 декабрида Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 31 йиллиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда эл ардоғидаги шоир ва санъаткорлар иштирок этдилар.

Хусусан, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти Муножот Йўлчиева, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Бобур Бобомурод, Филология фанлари номзоди, Халқаро "Антик дунё" ва "Турон" фанлар академияси академиги Раҳимбой Жуманиёзов, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи фахрийлар бирлашмаси қошидаги “Ватанпарвар фидоийлар” бадиий тарғибот жамоаси раҳбари, Халқаро Арбитраж олий суди тарғибот бўлими бошлиғи, подполковник Алишер Ҳамроев шулар жумласидандир.

Тадбир аввалида кеча меҳмонлари ва Ўзбекистон Республикаси Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги ходимлари жонли ижрода Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясини жўр бўлиб куйладилар.

Тадбирни Агентлик директори ўринбосари Шерзод Ражабов очиб берди.

Тадбир меҳмонлари ва иштирокчиларини бугунги кунда мамлакатимизда кенг кўламда нишонланиб келинаётган қўшалоқ айёмлар билан қутлаб, сўзини қуйидагича давом эттирди – “Давлат тимсоллари, жумладан, Давлат мадҳияси, Давлат байроғи, Давлат герби ва конституцияси ҳар бир мамлакатнинг куч-қудрати, тарихи, анъаналари, маънавий дунёсини ўзида ифодалайди. Ўз ўрнида давлат рамзларига қаратилган эътибор шу миллатнинг юксак келажаги учун хизмат қилади”- дея таъкидлади.

Тадбирда ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар янгради.

Шу билан бирга, икки ой мобайнида Агентлик ходимларининг нотиқлик санъатини ўзлаштириш борасида ташкил этилган нотиқлик сабоқлари якунига етганлиги муносабати билан бир гуруҳ фаол тингловчиларга “Нотиқлик санъати академияси”нинг сертификатлари топширилди.

Бир сўз билан айтганда, бугун республикамизнинг барча корхона ва ташкилотларида, хонадон ва ҳар бир қалбда нишонланаётган ушбу айёмлар ҳар бир юракда ватанга бўлган муҳаббатни янада алангалатади.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Байрам ҳаммамизга муборак бўлсин, азиз юртдошим!!!