Жамғарма хақида

Виночиликни ривожлантириш жамғармаси мақоми

Виночиликни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини тартибга солиш соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-6033-сон фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг юридик шахс мақомига эга бўлмаган жамғармасидир.

Жамғарма маблағларининг шакилланиш манбаалари:

  • Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан ҳар йили ажратиладиган субсидиялар;
  • Агентлик ҳузуридаги «Узумчилик ўқув маркази» давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан белгиланган тартибда амалга ошириладиган ажратмалар;
  • алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ноқонуний ишлаб чиқарганлик ёки этил спирти ҳамда алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний айланмаси учун тўланадиган жарима суммасининг 50 фоизи;
  • истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланадиган корхоналар томонидан лицензия талаблари бузилганлиги учун тайинланадиган жарималар;
  • тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик учун давлат божи тўловининг 80 фоизи миқдорида, шунингдек, истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқаришга, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдосини амалга оширишга лицензиялар бериш учун тўланадиган йиғимлар ва йиллик лицензия тўловлари;
  • халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ва халқаро молия ташкилотларининг кредитлари (қарз маблағлари) ва грантлари;
  • қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларининг сарфланиш йўналишлари:

  • Агентликнинг техник навли узумзорлар ва виночилик соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлашга қаратилган комплекс мақсадли дастурларини амалга ошириш, шу жумладан, узум кўчатларини харид қилиш, узумнинг селекция навларини яратиш ва уларни экишни ташкил этиш билан боғлиқ вазифаларнинг самарали бажарилиши;
  • лойиҳа ташаббускорлари томонидан амалга оширилган ишларнинг бир қисмини қоплаш учун қонунчиликда белгиланган тартибда субсидиялар ажратиш;
  • виночилик соҳасидаги хорижий мутахассислар ва консультантларни жалб этиш, узум етиштирувчиларни, Агентлик ва виночилик корхоналари ходимларини, шу жумладан, хорижда, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
  • маҳаллий алкоголь, шу жумладан, вино маҳсулотларини тарғиб қилиш бўйича фестиваллар, кўргазмалар ва ярмаркалар ташкил этиш, алкоголь соҳаси корхоналарининг, шу жумладан хорижда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишига кўмаклашиш ҳамда уларнинг бундай тадбирлардаги иштироки билан боғлиқ харажатларни қоплаш;
  • саноатбоп узумчилик ва виночилик, янги турдаги алкоголь маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва маркетингда «ноу-хау» билан боғлиқ бўлган илмий лойиҳаларни молиялаштириш;
  • техник навли узумларнинг оналик майдонлари ва коллекция участкалари, кўчатхона (питомник)лар барпо этиш;
  • коллекцион вино ва коньяк дистилляти маҳсулотларини захирага қўйиш.

Жамғармадан қарз маблағларининг ажратилиши:

  • юридик шахс мақомига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектларга.

Жамғармадан қарз маблағлари ажратилиши учун талаб этиладиган хужжатлар:

  • маблағ ажратиш учун ариза, унда юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган манзили (почта адреси), банк филиалининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами кўрсатилган бўлиши лозим;
  • таъсис ҳужжатлари нусхаси (Устав ёки таъсис шартномаси) ва Давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;
  • узумчиликни ривожлантириш лойиҳаларини амалга оширишда Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича акциядорлик жамияти акциядори ва таъсисчилари (Кузатув кенгаши, Бошқарув), масъулияти чекланган жамиятлар таъсисчилари (пайчилар, иштирокчилар) розилиги тўғрисидаги умумий йиғилиш баённомаси;
  • лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси ёки бизнес-режаси;
  • ташкилотнинг охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботи нусхаси, тўлиқ иловалари билан бирга;
  • хизмат кўрсатувчи банкдан барча ҳисоб рақамларидаги пул маблағлари айланмаси, ҳисоб рақами ҳолати ва 2-сонли картотека мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома;
  • гаров таъминоти, шу жумладан:

а) кўчмас мулк бўйича - ер ва кўчмас мулк кадастрини юритиш хужжатлари тўплами (биноларнинг таркиби, уларнинг параметрлари ва умумий кийматиниг баҳоси), бинолар ва иншоатларни давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувохнома ва давлат рўйхатига олиш тўғрисидаги гувохнома битимларни рўхатдан ўтказиш учун ер ва инвентарлар хақида маълумотлар;

б) кўчар мулк бўйича – мол-мулк сотиб олиш учун хужжатлар ва олди-сотди шартномалар;

- гаров сифатида тақдим этилаётган мулкни бозор қийматини аниқлаш учун мустақил баҳоловчи ҳисоботи.

Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги лойхани хар томонлама ўрганиб чиқиш учун зарур бўлган қўшимча хужжатларни ва маълумотларни талаб қилиш хуқуқини ўзида сақлаб қолади.